jump to navigation

“Эримнинг марионетка қўғирчоғига айланиб қолганимни сездим…” July 3, 2006

Posted by ayollar in Oila va Turmush Tarzi.
trackback

“Аёл кишининг энг катта бурчи болаларини катта қилиш, уй рўзғорига қараш” бу гапларни хаммамиз ёшлигимиздан эшитиб келганмиз. Аёл кишининг умидларию орзулари оила қуриш бола катта қилишга тақалаб қолиши қанчалик тўғри? Нега Ўзбекистонда профессионал ҳаётда муваффақиятга эришгани билан номи кетган аёллар сони эркакларга нисбатан кам? Узоқ Ҳиндистондан ватандошимиз Дилбар ҳаётда ўз ўрнини топишга, болаликдаги истакларини руёбга чиқариш йўлида дуч келган пасту-баландликлар ҳақида ёзади. 27 ёшлик Дилбар ўз юртидан узоқда ҳам оила қуриб, ҳам шахсий фирмасини очиб ўз орзуларига эришган. Мана унинг ҳикояси:
Аёллар ҳаёти мени ёшлигимдан жуда ҳайратта қолдирар эди, ёшлигимда ота-онамнинг ажрашиб кетиши мени болалигимдан махрум етган. Ҳали-ҳали эсимда, отам онамни урганлари, бечора онам оғриқдан чинқириб яширинишга жой қидирганлари… Аёл кишининг қанчалар ожиз, ночор эканлигини кўриб аёл бўлиб туғилганимдан нолир эдим, қалбим тўла дард ва армон билан вояга етдим. Ёшлигимдан олган таъсуротларим, кўрган – кечирганларим келажагим учун жудаям фойда берди. Талабалик чоғимданок қурбим етмаса ҳам баланд дорга осилишга, ҳаётда ўз ўрнимни топишга ҳаракат қилардим. Ҳозир Оллоҳимнинг хоҳиши билан кўзлаган мақсадим ва ушалишига гумон килган барча орзуларимга етишдим. Бу ўз-ўзидан осон бўлгани йўқ….Тажрибамдан келиб чиқиб 80% аёлларнинг ҳаёти сабр-тоқат, қурбонлик ва тақдирга тан беришдан бошқа нарсага арзимаслиги мени жуда кийнайди…. Ахир нега? Нега энди аёл тишини-тишига қўйиб кечалари билан йиғлаши керак, нега фақат аёл болаларини ўйлаб ўзини қурбон қилиши керак… Нима, эркакларнинг шохи борми? Еркакларимиз топиб келган пули-ю, олиб берган нарсаларини пеш килиб ўтирган жойидан қиммилламай иш буюриши гоҳида қаҳримни келтиради. Биламан Аёл оила ва уй учун яратилган, аёлнинг топгани бебарака дейишади. Мени эса бу гап қониқтирмайди. Қаерда бўлмайин ҳар доим у масалада тортишар эдим. Аёл хоҳласа эркаклардан хам улуғ ишларни қила олишини исботлашга ҳаракат қилардим. Мактабни битирганимдан кейин 7 йил ўқидим ва Ҳиндистонга аспирантурани битириш учун санъат тарихини ўрганишга келдим. Ёшлигимдан орзу килган мамлакат эди, ҳамма тарафларини эътиборга олиб қайтмасликка қарор қилиб ота-онамнинг розилиги билан шу ерда турмушга чиқдим…Ўзбек бўлиб ўзбекона урф-одатларимга риоя қилиб бегона бўлса ҳам мусофирчиликка тан бериб, тили бошқа, дини бошқа бутун бир дунёси бошқа оилага келин бўлиб яшай бошладим. Ер шарида кулгу ва йиғи бир хил бўлганидек аёл ва эркакнинг муаммоси ҳам бир хил бўларкан. Эримнинг рашкчилигидан уйда ўтирадиган бўлдим. Кейин ҳомиладорлигим, болалик бўлишим мени ҳаётдаги мақсадларимдан узоқлаштириб юборди. Устим бут, еганим олдимда емаганим кетимда, эрим менга қўл кўтармайди, икки фарзандимни тарбиялаб яшаб юрган эдим. Бахт дегани шу эканда дер эдим-у лекин ичимда қандайдир нотинчликни сезар эдим, хаёлимда мен ниманидир унутаётгандай менга нимадир етишмаётган туюларди, хаёт зерикарлик эди… Тил ўрганмокчи бўлдим бекорчиликда ўтиргандан кўра тил ўргансам болаларимниг уй вазифасига ёрдам беришимга қўл келар деб уйладим… Эримга ва оиламизга бу фикрим ёқмасада менинг қайсарлигим билан розилик беришди. Ҳаётимга заррача ҳам ҳаққим йўқлигини менга ажратилган 2 соатлик вақтдан билдим, бироз кечга қолсам уйда жанжал ва менга сарфланган харажатларнинг ҳисоб-китоблари юзимга тарсакидек тега бошлади. Тўсатдан онамнинг соғлиги яхшимас деб хабар келди, бошка мамлакат бўлгани учун харажат катта эди… рухсат беришмади.. менга алам қилди чунки эрим учун бу харажат денгиздан олинган бир ҳовуч сувдек эди…Эрта саҳар туриб мени қийнаётган нотинчликнинг сабабини англаб етдим, шоҳона ҳаётга сингиб ўзлигимни йўқотиб қўйганимни ёшлигимда қилган орзуларимни оиламнинг бахтига алиштириб эримнинг марианетка қўғирчогига айланиб қолганимни сездим… Бу мен эмас эдим…. кўзим мошдек очилди, онамни кўргим келди…Газетадан чет эл компаниясига рус тилида гапирадиган ишчилар кераклигини ўқиб қолдим, лекин бошқа шаҳарга бориб ишлаш ва яшаш керак эди. Эримнинг оиласи учун келини кўчага пул топиш учун чиқибди деган дашномни кўтариш қийин эди, албатта… Лекин мен бир ёмон келиндек тақиқлашларига қарамай контрактга қўл қўйдим, менга самолётга билет юборишди, энг қийини уйдан чиқиб кетиш бўлди… Лекин, яна қайсарлигим туфайлик мақсадимга етдим. Бу ҳаракатимдан оилам бузилиб кетиши аниқ эди, лекин юқорида айтганимдек, болалигимдаги кўрганларим қўл келди. Онам болаларини деб отамнинг бевафолигига чидади, бизни деб ёлгиз яшаб ўтди, ўқитди вояга етказди, ўзини ҳокисор қилгани эвазига мен фарзанд бўлиб касаллигида бориб аҳволидан хабар ҳам ололмасам…Уйдан чиқиб кетаётганимда қайнонам “барибир икки кунда йиғлаб қайтиб келасан болаларингни сенга бермаймиз” деб қўқрқитди. Янаям аччиғим чиқиб кетди – “мен кетганим билан болаларимни мендан ажратолмайсиз, агар бермасангиз бир кун катта бўлиб ўзлари мени топиб олишади” дедим. Буни айтиш уларни ташлаб чиқиб кетиш бир она учун қанчалар оғирлигини ҳар она яхши билади. Хуллас, янги шаҳар, янги одамлар орасига келиб жон-жаҳдим билан ишга киришиб кетдим, кундузлари иш билан овора бўлиб эришаётган мувафаккиятларимдан севинсам, кечалари болаларимни соғиниб йиғлар эдим. Бир ой ўтди, қўлимга биринчи маошимни беришди… кўзларимдан тирқираб оқаётган ёшимни кўрган бошлиғимиз мени кабинетига чақирди ва сабабини сўради, болаларимни соғиндим дедим. Менинг ишимдан жудаям хурсандлигини айтиб маошига 50% фоиз қўшишини ва оилам учун бир йилга яшаш жойи беришларини айтди, хурсандлигимдан уйга қўнғироқ қилиб эрим билан гаплашдим, сенинг пулингга зор эмасман деган эрим болаларимни олиб 3 кун ичида етиб келди. Хозир бирга шахсий бизнесимизни йўлга қўйиб элга танилиб юрибмиз, қайнона-қайнотам ҳаммага оғзини тўлдириб мени мақташади. Бутун гинқ-кудратлар унитилган, энди истаган маҳалим ватанимга боришга қурбим етади ҳатто онам ва сингилларимга қўлимдан келганича ёрдам ҳам бериб турибман.Турмуш ўртогим ҳам янги жойга келиб ўз обру- эътиборига эришди, мени янаям қаттиқ ҳурмат қила бошлади. Бекорга айтишмаган « Эркак кишининг хар бир эришган мувафаккиятининг ортида бир аёлнинг қўли бўлади» деб. Менинг фикримча Аёл факат ёр, келин, она деган ном билан чекланиб колмаслиги керак Бу билан оиласини ташлаб ишга кириб кетсин демокчи эмасман. Энг асосийси узини ўзи ҳурмат қилиши керак, кимки ўз ҳурматини қадрласа атрофдагилар ҳам уни ҳурмат қилар экан. Ҳаёт жудаям қисқа кўз юмиб очгунча ўтиб кетади қариганимизда афсус чекиб «эссизгина ёшлигим бекорга ўтиб кетди» дегандан кўра ичимизда яшириниб ётган хоҳиш ва орзуларимизга имкон беришимиз керак. Фақат Ўзбекистондаги вазият аёлларга ишлаш учун имкон берармикан? …Дилбар

Comments»

1. Shohida - July 3, 2006

Дилбарнинг ҳикоясидан жуда таъсирландим. Мусофир юртда бор куч-қувватини ишга солиб қадр топиш албатта ҳар кимнинг ҳам қўлидан келавермайди. Аммо, у қадр топибди-ку! Ўзбекистонда аёллар қилмаган иш, улар бошларини урмаган тош қолмаган бўлса керак. Бозорма-бозор халта кўтариб юравериб елкалари яғир бўлиб кетган, қуёшнинг тиғида пахта даласида ер чопиб, ўт юлиб тавонлари тарс-тарс ёрилиб кетган, шаҳарма-шаҳар, борингки, тирикчилик дардида у мамлакатдан,бу мамлакатда сарсону-саргардон юрган аёлларнинг сони қанча бўлса экан? Ўзбекистонда эртаю-кеч тиним билмай ишлашингиз мумкин, аммо қадр-қиммат у ёқда турсин меҳнат ҳаққингизни ҳам олишнинг имкони йўқ-ку! Бели букилиб далада ишлаб, ёки уззи-кун мактабда болаларга сабоқ бериб…қаерда ишламасин кейин уйга келиб, уй-рўзғор, ўчоқ-тандир, кир юв,нон пишир қиладиганлар ҳам шу аёллар-ку! Қишлоқдаги аёлларнинг қўплари биздаги кир ювадиган, чанг тортадиган машиналарни орзу ҳам қилишмайди. “Газдан гапиринг,оддийгина газдан” дейишади. Омадлироқлари бўлса, хўп-хўп, бўлмаса ичиб келган эрининг калтакларига бардош берадиган ҳам, сўкишларини кўтарадиган ҳам, қайнананинг “аччиққина тили”дан томадиган заҳарларга ҳам чидайдиган шу аёллар. Меҳнат қилиб ўз кучи билан орзусига етганлар мени кечирсин, аммо Ўзбекистонда кўплар учун бу насиб этавермайди. Улар бунга эришиш учун бирор амалдорнинг қизи ё хотини бўлишлари керак, ёки ўшандай амалдорга ўйнаш….Хуллас, “оҳ” десангиз “оҳ”ингиздан тутун чиқади.

2. Malika - July 3, 2006

Dilbarhonning gaplariga butunlay qo’shilaman, ayolning o’ziga xurmati bo’lmasa, uni boshqalar ham xurmat qilmaydi.
Qiz bolalarni yerga urish Uzbeklarning oilalarida boshlanadi. O’zimning tajribamdan aytsam, bizning uyda menga otam tomonidan emas, balki onam tomonidan “qiz bolaligim” esga solinib turilardi. Onam bir ishni noto’g’ri qilsam, “Ertaga qaynonang k—ga tepib xaydaydi” deyardi. Kitob o’qib dars qilsam, “Tur, yig’ishtir, stol minib o’tirmasdan” deyardi. Bu so’zlarni eslasam, xozir ham xafa bo’laman. Otam esa, aksincha meni darslarimga yordam berardi. Universitetda o’qishimning tarafdori edi.

Menimcha butun jamiat, buning ichida ayollarning o’zlari ham qizlarga, ayollarga qarshidir. Qani, biron ayol erining urushiga chidamay ajrashsin, unga “yahshi qilibdi” deyishmaydi ahir!

Undan tashqari, ayollar yoshligida azob chekkani bilan yoshi bir joyga yetib qolib o’zlarining zolim qaynonasiga aylanib qoladilar. Va kelinlariga xuddi bir xizmatkorday qaraydilar.

Bunday mentalitet Uzbeklarning qon-qoniga singib ketgan. Amerikada Uzbeklarning jamiati bor, va agar u erdagi bir-ikki ayollar bilan gaplashsangiz, ular ham qaynonalari bilan yashab uyda o’tirganini ko’rasis. Mening zamonaviy, rus maktabda o’qigan ukam ham uylansa hotini uyda o’tirib bola boqishni afzal ko’rishini aytdi. Buni eshitib hayratga tushdim.

Albatta, agar ayol shuni istasa, bu boshqa gap. G’arbda ham uyda o’tirib bola boqqanlar bor, lekin bu erining gapiga kirganidan emas.

Uylaymanki, qizlarni qanday ayol bo’lib yetishi oilasida boshlanadi (bir-ikkita bizga o’xshaganlardan tashqari). Qizlarni o’g’illar bilan bir hil ko’rsalar, uni o’qishga rag’barlantirsalar, u o’ziga xurmat talab qilishni o’rganadi.

3. Mehribon - July 3, 2006

Дилбар! Ўзбекистондаги бугунги вазиятдан бехабар кўринасиз. Айни вазият аёлларни ишлашга мажбур килаяпти. Хозирда минглаб узбекистонлик аёллар ишлаш учун “кўча”га чиқишган. Ўша келинини кўчага чиқиб, ишга боришини уят ҳисоблаган қайноналар ҳам, хотинини ишлашини ор билган эркаклар ҳам бугун сукут сақлаяптилар. Улар ҳамма нарсага рози, аёл пул топса бўлди. Айни пайтда Қозоғистонда яшаганлигим учун бу ерга келиб ишлаётган ўзбекистонлик аёллар ҳақида гапирмоқчи эдим. Улар барча ишни қилишаяпти. Андижонлик Карима опа деган аёл билан суҳбатлашиб қолдим. Карима опанинг айтишича, Қирғизистоннинг Қорасув бозоридан арзон нархда кийим-кечакларни харид қилиб, уларни Қозогистонга ўтиб уйма-уй юриб сотаркан. Карима опа беш боланинг онаси. Ҳатто кичиги ҳали икки ёшга ҳам тўлмаган. Карима опа бир неча ойлаб болаларини кўрмаслигини айтади. Эри бир пайтлари колхоз идорасида бухгалтер бўлиб ишлаган. Ҳозирда ишсиз. Ёки Чимкентлик бир бойваччанинг уйида фаррошлик қилаётган самарқандлик Гулсанам. Бечора аёлнинг уйидан чиқиб кетганига сал кам бир йил бўлаяпти экан. Уч нафар фарзанднинг онаси Гулсанам ҳар ойда уйига пул жўнатиб туради. Бугун Қозоғистонда юзлаб Гулсанамлар ишлаяпти. Кимдир официант, кимдир ошпаз, бирови тадбиркорлик қилаяпти…. Барчалари оилалик аёллар.
Бундай вазиятларни кўргач, аёлнинг уйда ўтирганини маъқуллагим келади.
Ўзбекистонда яшаб, ишлаётган аёллар эса Шоҳида айтганидай…
Ишқилиб, бечора ўзбек аёли! Сенинг ҳам ёруғликка эришадиган кунларинг бормикан-а?

4. Malika - July 3, 2006

Menimcha gap Uzbek ayollarning ishlash yoki ishlamagligida emas, balki, unga bo’lgan xurmatdadir. Ya’ni, xozir aksariyat ayollar ishlamoqda, lekin o’z xoxishlari bilan emas va o’z xoxlagan ishlarida xam emas, balki, muxtojlikdan, va qolaversa eri yoki qaynonasi talabi bilan ishlashga majbur.

Bechora ayollarimizga qiyin bo’ldi…

5. Mehribon - July 4, 2006

Ва айни мухтожлик Дилбарни ҳам ишлашга мажбур қилганди. Онасини бориб кўришга Эри пул берганида ҳаммаси аввалгидай давом қилаверармиди…
Бугун мухтожликдан мажбуран ишлаётган деярли барча ўзбек аёлларининг кўнгил мухтожлиги билан ҳеч кимни иши ҳам йўқ. Кўнгил хурмат- эътиборга мухтож.
Айни вазиятда аёл ўзини хурмат қила олмаяпи, уни ўзи ҳақида ўйлашга имкони ҳам.

6. Erkinoy - July 4, 2006

Assalomu aleykum. Menimcha har qanday ayel qaysi davlatda bo’lishiga qaramasdan, qaysi bir madaniyat, din yoki millatga tegishli bo’lishigan qattiy nazar, agar u erkakka 100% moddiy muhtoj bo’lsa u albatta uy cho’risiga, erini futbol to’ppisiga aylanishi aniq. Hech qaysi bir joyda hali qo’lidan ish kelmagan, malumotga ega bo’lmagan, o’zini kuni o’zi ko’rolmagan ayel nafaqat eri tomonidan qadirlanmagan, balki jamiyat tomonidan hamdir.
Yuqoridagi xindistonlik dugonamizni hikoyasi meni hayron qoldirmoqda. Meni bilishimcha o’ta ketgan boy erkaklar va oilalarda, agar yahshi tarbiya olishmagan bo’lishsa ularga ayellarning bir tiyinlik ham qadri yo’q.
Menimcha Dilbarhonning erlari unchalik darajada o’ta boy oiladan chiqmagan va ularni Dilbarhonni o’z oilasiga qayta qabul qilishiga sabab nafaqat iqtisod balki mehr muhabbat, oliy ma’lumotli Dilbarhonga bo’lgan hurmat va havasdir. Chunki o’zbekistonda sanoqligina boyvachalr va o’ziga sig’may ketgan oilalarga o’g’illariga qiz topish hech gap emas.
Menimcha bu yerda o’zbek menteletetini ham qoralashni keragi yo’q. Chunki, meni bilishimcha bizda harqanday erkak uyida o’tirgan, o’qimagan, ish bilmagan, jamiyatni tanimagan va unga singishmagan ayellarni hohlashmaydi. Bunga misol keltiraman desam juda ham ko’p. Chunki hozirgi zamonda bitta o’z ongini tanigan erkakak butun oilani boqishga qurbi yetmasligini biladi, yetgan taqdirda ham ular biz ayellerga o’hshab hayet lazzatlaridan bahramand bo’lishni hohlashadi.
Malika, meni bilishimcha Evropada ham, Amerikada ham qattiq konservativ, udumchi, dindor oilalar va jamiyatlar mavjud. Ko’p holatlarda bu o’ta boy oilalardir. Ularni qizlari kerek bo’lsa 30, 40, 50 yoshgacha qri qiz bo’lib qolib ketishadi.Ba’zi birlari bu dunyoda xayotlarini oxirigacha yolg’iz o’tishadi. Ularni o’g’illari esa otasini roziligi bilan turmush qurishadi. Albatta bu butun Uevropada deganim emas. Yevropada ayellar, og’r industriyani, zavod, fabrikalarni pivojlanishi va ilm-fan texnikani rivojlanishi tufayli ular iqtisodiy erkinlikka erishgan. Avvalambor, ayel zoti birinchi bo’lib rivojlangan, mustaqil va tobe bo’lmagan mamlakatlarda mustaqillikka erishgani hammaga ayen. Bu yerda, hech ham o’zbek millatini minteletetini pastga urishga o’rin yo’qdir.
Yuqorida Shohidani gapiga 100% qo’shilaman, hozir eshtishimga qaraganda O’zbekiston iqtisodiy va siyosiy vaziyat ayellarni har hil yo’llar bilan kun ko’rishga majbur qilmoqda. Oddiy misol meni katta opam Qozog’istonga ketganiga mana bir bo’lmoqda. Bir yildan beri uyiga qaytib 16 yashar Munavvar va 15 yashar Muhammad farzandlarini ko’rlari yo’q. O’zingiz ayting Bu qanday hayot?, Qanday turmush? Ahir ona otaga ham qaraganda farzandlarini tarbiyasida katta o’rin tutadi-ku? Opamni erlari ham oliy ma’lumotli, lekin O’zbekistonda hamma narsa ishdan chiqqanligi tufayli, ishsiz opamni qo’liga qarashga majbur. U kishi oilasini boqolmaganligi tufayli, qattiq siqilganidan yurak hastaligaga yo’liqqan. Pochchom gavdali, kuchli quvvatli, ko’zga oson tashlanadigan bo’lgani tufayli uni qadamada milliciya tekshiradi, bor pulini chilib olishga harakat qiladi. Hali kichkinagina, ozib-to’zib, etida et qolmagan opamni aytmaysizmi?! Necha marta tomojniyada mollarini, pasportlarini oldirib qo’yib, bankrotga uchrab, har qadamda hoh O’zbekistonda bo’lsin, yo Qozog’istonda milliciya hodimlariga pul cho’zishga majburligi, qarzga bolib ketganlarini. Bellari bukchayib 50, 60 kilolik qoplarni tashishi. Qozog’istonining qahraton qishilarida bozorda savda qilaman deb muzlab kasal bo’lib qolganlarini.
Bu yerda O’zbekistonni iqtisodiy, siyosiy, ma’naviy, psihologik blakadasi paytida, nafaqat bechora o’zbek ayoli, balki qo’li kesilgan, ishlash huqquqi toptalgan erkaklar haqida ham gapirib o’tilsa bo’lar edi.

7. nargiza - December 6, 2016

Salom. Sunni dardizi 100% tushundim Dilbar opa. Bizda ayollar uzligini yuqotganlarini tushunishmaydiyam uylab xam kurishmaydi. Shaxsiylik uzlik tushunchalari yuq kupchiligida. Agar siz kabi yul tutishsa tuqlikka shuxlik qildi,Kuchaga chiqib ketdi deb yomon otliq qilishadi va shu gaplar birinchi b.b aynan ayollardan chiqadi. Bizda tugrisi tan olish k.k kup ayollarni manaviyati dunyoqarashi juda past. Shu narsa insoniyatni yemiryapti. Bunga Sabab esa tarbiyasizlik. Bolani tug’ri tarbiya qilolmaslik. Usha tarbiyasi sayoz ayollar kup kungilsizlikka sababchilar. Usha tarbiyasi past ayollar dunyoqarashi yuq yigit quzlarni tarbiyalamoqda. Va natijada oilada urnini bilmidigan erlar ayolligini bilmidan xotinlar yetishib chiqmoqda. Bizda ishlashiga uqishiga izlanishiga quymidigan ayolini kelinni qizni shaxs sifatida uldiraganlar tiqilib yotibdi


Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out / Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out / Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out / Change )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out / Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: