jump to navigation

“Маҳаллада дув-дув гап”, ёки тўйларимиз ҳақида June 24, 2006

Posted by ayollar in Oila va Turmush Tarzi, Yulduzlar Hayotidan.
trackback

Kelin-kuyov Эшитдингизми, машҳур актриса Никол Кидман турмушга чиқаётганмиш. Кимга, йўқ, янами дейсизми? Ҳа ва бу сафар Кэс Урбан деган қўшиқчига экан. Ўтган ой унаштирилганларини халққа маълум қилишганди. Бу 38 ёшли Урбаннинг биринчи уйланишику, аммо 39 ёшли Никол бундан аввал машҳур актёр Том Круз билан турмуш қурганди. Орада у бўлди, бу бўлди, ишқилиб, ўн йилдан ортиқ давом этган турмушларига нуқта қўйилганди. Аммо, уларнинг биргаликда асраб олган икки фарзандлари ҳам бор: Коннор ва Эзабелла…Болаларнинг ҳар иккаласи ҳам тўйда иштирок этиш учун Австралияга келишибди. Энди келин-куёв “дўстлар ва оила аъзолари иштирокидаги оддий тўй” бўлиши ҳақида айтишган эса-да, унинг довруғи мағрубу-машриққа кетса керак! Бу ҳақда ҳали замон эшитасиз, чунки машҳурлару-бойларнинг тўйлари доимо тилларда достон бўлади-да! Аммо, бунақа “маҳаллада дув-дув гап бўладиган” тўйларни қилишни ким истамайди дейсиз! Дабдабали тўй-хурсандчилик қилиш учун машҳур бўлиш, ёки бой-бадавлат бўлиш шарт эканми? Узоққа борманг, мана Ўзбекистонда ҳозир айни тўй мавсуми. Ўтган йил ёзда Тошкентга борганимда синглим ўғлини суннат тўйини қилиши ҳақида айтиб қолди. Куёвимиз “нима бўлса бўлсину, мен Тошкентдан фалон қўшиқчини олиб келаман”, деб туриб олибди. Ўша “фалон” қўшиқчи менинг дугоналаримдан бўлгани учун у билан гаплашиб беришни илтимос қилишди. Майли, ният қилгандир, қолаверса, куёвнинг топиш-тутиши ёмонмас, деган хаёл билан қўшиқчи дугонамга қўнғироқ қилдим. У ёқ- бу ёқдан гаплашиб, “илтимосим”ни айтдим. Бораман дейишдан олдин, гап қўшиқларни ёзиш қанчалар қимматлиги, ундан кейин уни телевизору-радиодан қўйишга қанча пул кетиши, ҳамма жойда “пул-пул”, қолаверса, қўшиқчилар учун ҳам тобора рақобатлашув кучайиб пул топиш қанчалар қийин бўлиб кетаётгани ҳақида борди. Хуллас, дугонам 1500, жуда бўлмаса 1200 доллар билан боришга рози бўлди. Бу энг арзон нарх эканини айтди.Майли уни ҳам тушинаман. Мен “каттароқ санъаткорлар” 10000, 20000 билан тўйга боришлари ҳақида ҳам эшитгандим-ку, аммо…ҳа майли. Нима бўлса, бўлди дедиму, синглимга нархни айтдим. Тўйга қолиш менга насиб этмади. Бу ёқда ишга чиқишим керак деган узримни айтиб ортга қайтдим. Кейин эшитдим, тўйга дугонам бормабди, белгиланган кун бошқа муҳимроқ “закази” бор экан. У бўлмаса ҳам сал бундоқроқ санъаткорлар келиб тўйда хизмат қилишибди. Аммо, қўшиқчини шунча пулга олиб келишса, 400-500 дан ортиқ меҳмонни кутиб олиш учун бошқа харажатлар қанчага тушишини тасаввур қилиб кўрингчи! Қўшиқчи Тошкентдан келган “фалончи” бўлмаса ҳам, сарпо-сурув, келин олаётган, ё-да қиз чиқараётган бўлсангиз унинг сепичи? Бу оддийроқ оила мисолида. Онамнинг айтишларича, ҳозир Россияга бориб ишлаб келаётганларнинг уйланишу, ўғил тўйларига гап йўқ эмиш. Энди биргина туманимизни оладиган бўлсак, пул топай деб Россияга кетганларни ҳар бир оиладан дейиш мумкин. Айримларнинг оиласида эркак қолмаган. Бугун уйланиш тўйини ўтказиб, эртага қарзни узай деб ёшгина келинчакни уйда қолдириб “Россия қайдасан” деб йўлга тушаётганлар ҳақида ҳам эшитасиз. Қарабсизки, келгунича, фарзанди туғилиб, баъзи ҳолларда эса, тили ҳам чиқиб улгуради. Шунча узоқ йўлдан келиб-кетиш осон эканми? Қариндош-уруғ ҳам кўп худога шукур,уларга совға-салом. Бу ёқда келин боланинг сепидаги қатор-қатор кийимлари ҳам тўзиб, тўзимаса-да, урфдан қолиб ўтирган бўлса…Ундан ташқари тилла таққиси келади. Фарзанд ўғил бўлса-чи? Ҳа,энди буёғи яна тўйда дейсизми? Қарабсизки, кўп ўтмай эр шўрлик йўл пулини қарз-қавола қилиб Русия томонларга отланиб турибди… Онамга гап уқтира олмайсиз, “тўйга етказсин болам, тўй яхшида” дейдилар. Анъана дейсиз, бировдан кам бўлмасин, ўксимасин дейсиз…ахир охири кимга жабр? Куррамизнинг нариги бурчагида ҳам тўй тадориги….Ўзбекча карнай-сурнай бўлмаса-да, келинчак Никол умид билан яна бир инсонга тақдирини боғлайди. Ҳарқалай, бу тўй қарз-қаволадан ҳоли бўлади деб ишонаман…Келин-куёвнинг бир-бирларига қанчалар кўнгил қўйганлари эса, бошқа бир мавзу. Ахир Никол хоним яқиндагина ҳали ҳам собиқ эри Том Крузни севиши ҳақида айтганди-да! Бахтли бўлишсин ишқилиб! __Дийдор

Comments»

1. Mehribon - June 25, 2006

Тўғри, ўзбек тўйлари асосий муаммога айланиб браётганлигини кузатиш мумкин. “Фалончи” ўғлига дабдабали тўй қилиб берди. Ундан қаерим кам дея чиранадиганлар жуда кўп. Хоразмлик Салима опа деган аёлни танийман. Бир неча йил аввал кенжа ўғлини уйлантиришди. Тўй «маҳаллада дув-дув гап» бўлди. Лекин буёғи ҳам дув-дув гап. Салима опа ўртаҳол яшайди. Емай-ичмай йиғиб-терганини ўғлининг тўйига сарфлади. Тошкентдан “фалончи” хонандани “фалон” сўмга чақиртирди. Охир-оқибат оила аъзолари уч йилгача қаддини тиклай олишмади.
Лекин сўнгги йилларда Ўзбекистонда исломий тўй ўтқазиш урф бўлаяпти. Яқинда тошкентлик бир ҳамкасбимиз уйланди. Келин томон намозхон одамлар экан. Тўйни исломий ўтқазишни таклиф қилишибди. Тўйда иштирок этдим. Аёлларга алоҳида, эркакларга алоҳида жой қилинган. Дастурхонга спиртли ичимликлар тортилмади. Унақа дабдаба деярли сезилмади. Одмигина тўй бўлди. Тўй эгалари ўзига туқ одамлар. Тошкентда дув-дув гап бўладиган тўй қилишга қурбилари етади. Лекин улар ортиқча сарф ҳаражат қилишни ҳоҳлашмаган.
Мен тўй таассуротларини тўйда иштирок эта олмаган бошқа ҳамкасбларимга айтганимда аксарияти бундай тўй қилишни ҳоҳламасликларини айтишди.
Лекин Ўзбекистонда исломий тўйлар урф бўлаётганлигини олқишлаётганлар ҳам кўпчиликни ташкил қилади.
Меҳрибон.

2. just_girl - August 14, 2006

O’tgan hafta professorim so’rab qoldi – “O’zbekistonda to’ylar qanaqa bo’ladi?” deb.. To’g’risi, javob berishda qiynalib qoldim. Bundan 2 yil oldin Toshkanga borganda, bir kursdoshimning akasini to’yiga borgan ekan. Ushani aytib – “Nega o’zbeklar to’yga shunaqa ko’p pul sarflaydi? Shuncha hashamat nimaga kerak? Kelin-kuyovni baxti bu bilan belgilanmaydiku..” dedi keyin.
Rostan, “nima uchun kerak shuncha orzu havas?” deymiz-ku, ota-onamizni, yoru birodarimizni, qolaversa qarindosh urug’larni yuzidan o’ta olmay, yana usha hashamatlarni qilaveramiz. Nahotki, oddiy nikoh – bitta domla, 1 kalla qand, 3 so’m pul bilan to’y qilish mumkin emas? Yo’q – mumkin. Tanishim, uyga borib 1 oyni ichida to’yini qilib, yana o’qishini davom ettirish uchun kelin ham, kuyov ham bu yoqqa qaytib kelishdi. To’y – 30 tacha odam bilan bo’lgan, masjidga borishgan, nikoh o’qitishgan, ozgina tabriklar .. bor yo’g’i shu. Oq ko’ylak, limuzin, Falonchi qo’shiqchi, Falon joyda ZAGS, Falon restoranda banket, charlari… bo’lgani yo’q, umuman nima keragi bor ulani? Axir “kelin-kuyovning baxti bu bilan o’lchanmidiku!”
Bu erda (Korea) odamlar oxirgi puliga sandig’iga sarpa omidi, dacha qurmidi, moshina omidi, dabdabali yo hashamtli, “mahallada duv-duv gap bo’ladigan” to’y qimidi – usha pulini bolasini o’qitishga sarflidi. Zero, o’g’li/qizi voyaga etib, yaxshi mutaxassis bo’lib, o’ziga kerakli narsani o’zi oladigan bo’lsin; shu bilan birga – davlat’ni har bir sohada maqtana oladigan mutaxassisi bo’lsin.
Bizda bo’lsa – “vaaaaay, qo’ni-qo’shni nima didi?”, “iee, palonchi shunaqa to’y qiganda – nimaga man qila omiman”, “o’qib shahar oberarmidin? – ana ishla, to’yinga pul yig’..” va hokazo…


Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out / Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out / Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out / Change )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out / Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: