“Келин олиш - осон, қайнона бўлиш - қийин” May 16, 2008
Posted by ayollar in Mayishiy Zo'ravonlik, Oila va Turmush Tarzi.add a comment
Яқинда битта қизиқ хисобот билан танишиб қолдим. Чеченистон аёллари кўрадиган зулмнинг 90 фойизи қайноналаридан келиб чиқар экан. Чечен аёлларнинг кўпчилиги (82 фойизи) қайноналар томонидан урушиш четда турсин урилган ёки дўппосланган экан. Нима сабабдан? “Гап қайтарган, юмушини ўз вақтида қилмаган”.
Чеченистон кичик республика эмасми (урушлару қотилликларидан кейин атиги 1 миллион одам қолган), шу чечен қайноналар орасида савол жавоб ўтказилибди. Қайноналарнинг 71 фойизи эркак киши ўз хотинига қуйидаги холларда қўл кўтарса бўлади деб жавоб берибди:
1. Хотини у билан бахслашса, айтганини қилмаса
2. Уйда овқат тайёрламаса, уйига яхши қарамаса
Бу дегани чечен аёллари эркаклардан эмас бошқа аёллар томонидан кўпроқ зулм кўраркан. Бу хисобот менга бизнинг Ўзбекистондаги вазиятни эслатди. Махаллару махаллий радио станциялар ўтказган суҳбатларга, пропаганда ишларига қарамасдан, қайнона билан турадиган келинлар холига маймунлар йиғлайди. Бир нарсага хайрон қолади одам : нега ўзи янги хонадонга ўрганишда қийинчиликлардан ўтган, қайнонасини шавқатсизлигини кўрган қайнона янги тушган келинига раҳмдиллик қилмаса? Ўз бўйнидан ўтказганини эслаб келини бу азоблардан аяшдан истамаса? Ёки бу шавқатсизлик биз, шарқона аёллар, ўз ўғилларимиздан қизғанганимиздан келиб чиқадими, дейман?
Қиз туғиш айбми? November 6, 2007
Posted by ayollar in Aralash Mavzular, Mayishiy Zo'ravonlik, Oila va Turmush Tarzi.3 comments
Яқинда бир танишим билан телефон орқали гаплашиб қолдим. У жуда хафа эди.Айтишича, қайнонаси уларга агар қайинсинглиси ўғил туғса, сизлар оласизлар деб айтибди.Танишимнинг эри онасига индамабди.Хотинига, яъни танишимга агар унинг боласини олишни истамасанг ўзинг ўғил туғ дебди.Ўртоғим ҳозир нима қилишни билмай қолган.Гап шундаки, уларнинг оилада бешта фарзандлари бор. Бешаласи ҳам қиз.Биринчи боласи туғилганда эри роса хурсанд бўлган чунки икки йил фарзанд бўлмаганди.Ундан кейин яна қиз туғилди.Кейин яна.Бундай бўлишини кутмаган куёв бола иккаласида хам роса хафа бўлган туғруқхонага ҳам бормаган.Бу ношукурчилиги худога ёқмади.Иккала боласи ҳам 1-2 ёшда нобуд бўлди. Кейинги болаларини туғиш ўртоғим учун бир катта синовга айланди. У кунни қўрқув билан кутадиган бўлди. Чунки уйидан жанжал аримайдиган, эри ичадиган, уни урадиган, болаларига яхши гапирмайдиган бўлиб колди. Қайнонаси эса, ўғлимга ўғил туғиб берадиганидан олиб бераман деб юрди. Яхшики, ўғил онасининг шу гапини қилмади.Мен уларникига бориб қолсам, тезроқ уйга қайтгим келиб қолади.Сабаби бешта қизалоқнинг қўрқибгина ўтириши, эр-хотиннинг бир-бирига муомаласини кўриб юрагим сиқилади.Нега бундай қўрс гаплашасизлар, десам биз ҳар доим шундай ўрганиб колганмиз, дейди ўртоғим.Дадасига эркалик қилишни билмайдиган болажонларнинг айби эса-уларнинг қиз бўлиб туғилгани.
Юлдуз.
Ирландияда ўзбекистонлик аёл устидан маҳкама January 27, 2007
Posted by ayollar in Mayishiy Zo'ravonlik.9 comments
Ирландиянинг Корк шаҳри маҳкамасида 35 ёшлик Дилором Сулаймоновага қарши эрига жиддий тан жароҳати етказганлик айби қўйилган. Абдуазим Сулаймонов, 31 декабр кечаси пичоқ зарбидан жароҳат олганидан сўнг касалхонага ётқизилган ва 7 кун ўтгач вафот этганди. 2 болали она Дилором Сулаймонова, маҳкамада сўзлар экан, “Менга қўйилган айбловни тан оламан, аммо мен фарзандларимни, онамни ва ўзимни ҳимоя қилаётган эдим” деб айтган. Маҳкама жараёни давом этаяпти. Бу хабар ҳақида нима дея оласиз?
Ўзбекистонда аёл киши ажралишига қарши тўсиқлар November 7, 2006
Posted by ayollar in Mayishiy Zo'ravonlik.add a comment
Қуйидаги мақола IWPR чоп этган мақоланинг таржимасидир.
Ўзбекистон қонунларига мувофиқ, аёл киши эркак билан тенг хуқуққа эга, жумладан эридан ажралиш хуқуқига ҳам. Аммо амалга келганда вазият ўзгача. Кўпгина аёллар ажраламан деганларида ўз йўлларида анча тўсиқ учратишади: давлат тизими ажралмоқчи бўлган аёлларга қарши қаратилгандек, хукумат идоралари қандай йўл орқали бўлмасин оила бузилишига йўл қўймасликка харакат қилади. Ўзбек жамиятида кучли ижтимоий қоидалар хукм сурар экан, аёл киши унга қарши майиший зўравонлик холлари содир бўлаётгани хақида шикоят қила ололмайди. Оҳирида ажралиш қарорига келса ҳам, маҳалла қўмитаси билан судлар бунга қарши чиқиб унга босим кўрсатишади. Андижон шаҳрида истиқомат қилувчи ҳамшира Адолат ажраламан деб ойлаб сарсон бўлгани хақида гапириб беради. “Эрим ичиб келиб мени урарди. Бунга чидашим керак деб, бир куни ўзгарар деб яшаверардим. Бироқ болаларимиз туғилганидан кейин у болаларга қўл кўтара бошлади. Болаларим хақида ўйлаб ажралишга қарор қилдим. Аммо мана бир йил бўлдики ажралиш хақида қарорни кутиб ижарага олинган квартирада турибман. Маҳалла қўмитасидан справка олиб келмаганим сабабли суд сессиясини 6 ойга кечиктирди” деб гапиради Адолат. 1999 йилда барча маҳалла қўмиталарида эр хотинларни “яраштириш” кенгашлари тузилганди. Улар хукуматнинг жамият устидан назорат қилиш куролларидан биридир. Шундай маҳалла яраштириш фаолларидан бири улар одамлар хаётига ижобий ҳисса қўшишлари хақида гапиради. “Маҳалла қўшнилар ўртасидаги можароларни, ҳатто оила аъзолари ўртасидаги келишмовчиликларни ечишда олдиндан фаол роль ўйнаган” дейди у. Аммо Фарғоналик хотин қизлар хуқуқларини олдинга сурадиган фаол бу фикрга қўшилмади. “Аёл киши ажраламан деса тўсиқлар жуда кўп. Маҳалла яраштириш қўмиталари шунлай тўсиқлардан бири”. “Маҳалла қўмиталари оилани нима бўлмасин сақлаб қолишга уринишади, хатто иккала томон ҳам бирга яшашни истамаса ҳам, дейди бу аёл. “Афсуски баъзи холларда бундай қилишлари оилани сақлаб қолиш учун эмас, балки шу маҳалланинг “яхши” кўрсатгич рақамларини сақлаб қолиш учундир”. Наманганли бир юристнинг айтишича, судлар маҳалла қоғозисиз ажралиш хақида қарор чиқара ололмасликлари хақида хеч бир қонунда айтилмаган. Бу жараённи секинлаштириш учун атайин қилинаётган чора, дейди у. Наманган шаҳри хотин қизлар қўмитаси аъзосининг айтишича, иқтисодий қийинчиликлар сабабли ва аёлларнинг анъанавий турмушга қарши исёнкор хис туйғулари сабабли ҳам ажралишлар сони ошиб бораяпти. “Бир томондан эри оилани боқа ололмаслиги, молиявий томондан оилани таъминлаш аёл киши бўйнига тушиши асосий сабаблардан бири бўлса, яна битта омил бу анъанавий оила тушумчасининг қайта кўриб чиқилишидир. Аёллар уйда ўтириб анъанавий роль ўйнашларидан бош тортадилар, эрлари эса буни қабул қилолмайдилар”. Адолатнинг эри яқинда келиб квартираси ташқарида жанжал қилганида Адолат милицияга сим қоққанди, аммо милиция улар эр хотинликларини эшитганидан кейин “оиланга яхши муомала қилгин дедида кетишди, бошқа хеч нима қилишмади. Мен юристимга борсам у менга “ажралмаганингача азоб чекасан” деб мени огоҳлантирди” дейди Адолат.
Покистонлик Мухтар Май ҳикояси September 21, 2006
Posted by ayollar in Mayishiy Zo'ravonlik, Salomatlik.11 comments
Мухтар Май бир вақтлар Покистоннинг ҳеч ким билмас бир қишлок қизи эди. Лекин бир-икки йил илгари у бутун дунёга машҳур булди. Бу машҳурликка олиб келган сабаб хам даҳшатли эди. Қишлок қариялари бир неча кишига уни зўрлашга буюруқ беришган. Уларнинг айтишича, бу унинг оиласидан бировнинг қилмиши учун берилган жазо эди. Мухтар Май бундан кейин тинч ўтиришни истамай адолат излаб мамлакатнинг энг юқори маҳкамасигача борди. Уни зўрлаган кишилар қамокка олинган ва жазоланганлар. Лекин, дунёда Мухтар Майга Покистоннинг қиёфасини бузаяпсан деган эркаклар кўп. Биттаси унга хат ёзибди - “Нима, Ғарбда аеллар зўрланмайдими? Нега улар бу билан жар солишгани йуқ”, - деб. Зўрлаш жинояти барча мамлакатларда содир бўлади. Лекин Покистонда қўлланувчи шариат қонунига кўра, аёл зўрлангани тўғрисида маҳкамага арз қилса, ўз арзини исботлаш учун тўрт эркак шохидни келтириши лозим. Унинг сўзининг ўзи етарли эмас. Аёл кишини зўрлаган эркаклар камдан-кам жазоланади. Ўзбекистонда эса, зўрлаган жиноятчилар жазоланадими? Бундай амалдан азият чеккан аёлларга қандай ёрдам кўрсатилади? Малика
“Опам жиянимни химоя қиламан деса калтак уларга тушади…” September 10, 2006
Posted by ayollar in Mayishiy Zo'ravonlik.8 comments
Ўтган хафта опам бизникига келиб кетдилар. Юзлари билан кўзлари шишиб кетган, кун иссиқлигига қарамасдан енги узун кўйлак кийган эдилар. Сабабини дарров тушундик - поччам яна урибдилар. Опам бу сафар бизга ҳеч нима демадилар, лекин кўзларидан ичларидаги оғриқни сезса бўларди. Катта ўғиллари, жияним Абдуллонинг, кайфияти йўқ бўлиб ўтирганидан уйларида катта жанжал бўлганини англадик. Поччам икки йилча олдин опамга қўл кўтара бошладилар. Ўша пайт опамлар поччамни қўшни аёл билан юриб кетганига ишона бошладилар. Опам уларни бир- икки марта сўраганлар, балки айблаганлар ҳам. Уйларида ҳар кеча жанжал бўлган. Бир марта поччам опамни урганларида битта тишлари синган, оғизларини оғриқдан очолмаган қолганлар. Ўшанда ўғиллари Абдулло билан чақалоқ қизлари Шаҳлони олиб бизникига келганлар. Ойим билан отам опамнинг юзини кўриб даҳшатга тушишганди. Отам “шу ерда қоласан, қайтмайсан!” дегандилар. Аммо икки хафта ўтгач поччам келиб олиб кетганлар. Ундан буён сал тинчланганга ўхшаганди аммо бундан бир йил олдин поччам ишсиз қолдилар ва уйда ўтириб сиқилганларидан ўзларини қаёққа қўйишни билмасдан аламларини опамлардан, катта ўғилларидан оладиган бўлдилар. Жияним Абдуллони калтаклайман деганда, опамлар уни химоя қилсалар калтак опамларга тушади. Опамлар поччамни жуда асабийлашиб қолган дейдилар. Опам уларга бир оғиз сўз айтишга ҳам қўрқиб қолганлар. Ойим бир марта сўраганларида йиғлаб юбордилар. Ота-онам уларни ўйлаб роса куйиб қариб кетишаяпти, аммо барибир аралашини исташмайди. Мен эса опам билан Абдуллони ўйлаб кечалари билан уҳлолмайман. Кўнглимда поччамга нафрат билан тўлиб кетаяпти. Менга, ё тўғриси опамларга, қандай маслаҳат берардингиз? Бундай калтакларга чидаб яшаверсинларми? Опамга қандай ёрдам берсам бўлади, азобларини қай йўсин енгиллатишим мумкин? Тошкентлик талаба Раъно.
“Бу хақда бировга айтишга қўрққанман” August 15, 2006
Posted by ayollar in Mayishiy Zo'ravonlik.2 comments
ЮНИСЕФ болаларни химоя қилиш ташкилоти чоп этган тадқиқот натижаларига кўра, Буюк Британияда бир миллион бола ота онаси томонидан зўравонлик қурбони бўлиб яшаб келаётган экан. Ана шундай жабрланувчилардан бири 16 ёшлик Зина исмли қиз бўлиб, ўгай отаси томонидан йиллар давомида калтак егани хақида гапириб беради. Зина ўгай отаси онасини урганига ҳам гувоҳ бўлган.
Калтаклашлардан кейин онасининг баданидан қонни ерга оққанини кўрган. Саккиз ёшлигида отаси соат неча бўлганини сўраганда, хато жавоб бергани учун қандай калтак егани хақида шундай деган: “Мени шундай қаттиқ урганки бошимни диванга уриб йиқилиб тушганман. Кейин мени тепа бошлаган. Қўрқиб кетганимдан иштонимни хўл қилиб қўйганман”. “Кимгадир бир нима айтишга жуда қўрқганман”,- дейди Зина, -”Айтсам, отам билиб қолиб кейин онам билан менинг адабимизни берадими деб қўрқганман”. “Телевизорда болаларни урганларини кўрсам бекиниб олардим, менга у сахналар отамни эслатар эди”. Натижада Зина ўзига ишонч йўқотиб, мактабда ёмон ўқий бошлайди. Ҳар йил бошқа синфга ўтмасдан қолиб кетади… Мактаб директорлари хавотир олиб уни психологга боришини тавсия этишади. Бошида у психологга уйда бўлаётган зўравонликлар, урушишлар хақида айтмайди. Кейин эса, ўзига ишонч пайдо бўлиб бошидан ўтганларини гапириб бера бошлайди. Психолог Зинанинг энг яқин дугонасидек бўлиб қолади. Бироқ Зина 10 ёшга тўлганида тўсатдан ўз жонига қасд қилиш мақсади билан дори ичиб қўйгани маълум бўлади. Зинани касалхонага олиб кетишади. “Мен ўз хаётим яхши томонга ўзганишига ишонмай қўйдим. Хаётим давом этишига ҳам бошқа сабаб кўрмадим”- деб зорланади Зина ўз қарори хақида. Зинани бошқа психологга ва яна бошқа шифокорларга олиб боришади. “Мен газеталар, китоблар ўқиб, бундай азоблар фақат менинг бошимга тушмаганини англадим. Менга ўхшаган болалар кўплигини тушуниб сал енгил тортдим”. Зўравонлик қурбонлари бўлмиш болаларга Зина шундай маслаҳат беради: “Ишончни йўқотманг! Атрофингиздагиларга уйингизда нималар бўлаётганини айтишни истамасангиз, ёрдам берувчи аноним телефон тармоқларга мурожаат қилинг, улардаги одамлар номингизни айтмасангиз ҳам ёрдам беришга, маслаҳат беришга тайёр”. ЮНИСЕФнинг таъкидлашича, ота она томонидан калтакланган болалар ўзларига нисбатан ишончни йўқотиб, мактабда ёмон ўқиб, хайдалиш хавфи мавжуд. Кўп холларда эса ўзлари хам кейинчалик бошқаларга қўл кўтаришадиган бўлишади.
“Қайнонажон, қайнона…” July 28, 2006
Posted by ayollar in Mayishiy Zo'ravonlik, Oila va Turmush Tarzi.28 comments
Ўтган ҳафта газетадан бир мақола ўқиб қолдим. Британия маҳкамаси келинига зулм қилиб, оиласини бузилишига олиб келган қайнона устидан ҳукм ўқиган. Энди махкама ҳукмига биноан ушбу қайнона келинига 35 минг фунт стерлинг, яъни 65 минг америка доллари миқдорида тавон тўлаши керак. Лондонда истиқомад қилувчи келин Гина Бҳакар хонимнинг ўғли билан кечган тўрт ойлик турмуши давомида таҳқирланганини даъво қилган ва Таҳқирлаш ва ҳақоратларга қарши қонун билан фойдаланиб маҳкамага мурожаат қилган. Синхнинг айтишича, у эрталабги 6:30 дан уй ишларини қилишга мажбурланган, уйда худди маҳбусдек сақланган. Бажариши керак бўлган ишлар сирасига ҳожатхонани тозалаш ҳам кирган. Қизлик уйига бориб келиш учун ҳам вақт ўлчаб берилган, телефон қўнғироқлари назорат остида бўлган. Хуллас, турмушлари кўп ўтмай бузилган. Бу ходисани ўқиб ўзимнинг келинлигим эсимга тушиб кетди. Тўйимиздан уч кун ўтганидан сўнг, эрталаб 4:30 да туриб кўча супиришим керак эди. Ундан ташқари уй ишлари дегандек… Бошқа ишларнику бажариш муаммо бўлмаган, аммо эрталаб туриш….Хайриятки, бу жараён унча узоқ давом этмаган. Ўқишим баҳонасида “қайдасан Тошкент” деб йўлга тушганмиз. Шундан бери қайнонамларникига аҳён-аҳёнда меҳмонга борамиз. Бир сўз билан айтадиган бўлсам, қайнона билан бир том остида яшаш менга насиб этмаган. Шунинг учун борада унча тажрибам йўқ десам ҳам бўлади.Аммо, Сизчи? Қайнона билан яшаш Сиз учун қанчалар осон? Агар қайнонангиз Сизга ҳам зулм қилса, уни маҳкамага берган бўлармидингиз? __ Дийдор
“Қўшганинглар билан қўша қаринглар” ёки ажралиш хақида… June 16, 2006
Posted by ayollar in Mayishiy Zo'ravonlik, Oila va Turmush Tarzi.3 comments
Машҳур қўшиқчи ва 1960нчи йилларда таниқли бўлган Битлз гуруҳининг ижрочиларидан бири Пол Маккартни билан рафиқаси Хивер Хиллс ажрашишлари хақида эълон қилишганига икки хафтача бўлиб қолгандир. Собиқ манекен Хивер ёши 64да бўлган Маккартнинг иккинчи турмуш ўртоғи эди ва улар бирга атиги тўрт йил яшашди. Уларда икки ёшлик қизалоқлари ҳам бор. Юлдузлар билан бойлар хаётини биз, оддий инсонлар хаёти билан солиштириб бўлмайди албатта. Оддий халқ ичидаги мойилликларга разм солсак, Ғарбий давлатларда ажралишлар даражаси ўта юқори. Масалан, Англия, АҚШ ва Францияда ҳамма янги никоҳдан ўтганларнинг деярли ярими ажралади. Ўзбекистонда эса, ҳар қандай анъаналари кучли жамиятга ўхшаб, ажралишлар анча паст – эр-хотинларнинг атиги 12 фойизи (Ғарб билан солиштиришганда) ажралар экан. Ғарбда ажралиш жуда осон ва нормал бўлиб қолган ва менимча бу - нотўғри. Икки инсон бир-бирига кўнгил қўйиб бирга турмуш қуришга қарор қилган экан, келишмовчилик, бошқа ўзаро хаётда учрайдиган тўсиқларни енгишга харакат қилишлари керак. Айниқса фарзандлар бор холда янада кўпроқ бир- бирларини тушунишга уринишларикерак. Фақат ҳамма бор йўллар орқали иттифоқни сақлаб қолишга уриниб кўрганларидан кейингина, ўзларини хануз бахтсиз сезган холда ажралишлари керак деб ўйлайман. Бошқа томондан, Ўзбекистонда мавжуд шароитлар билан улф-одатлар сабабли кўпгина инсон ўзини бахтсиз сезса ҳам айни турмуш ўртоғи билан яшаверади. Ажралишлар ўта салбий қадам деб кўрилади — айниқса аёл киши “ажраламан” деса бунга қарши ота-онасидан бошлаб хамма қариндош-уруғлар чиқади. (Афсус эркак кишининг ажралишига муносабат бошқача… Бир хилда рағбатлантиришлар хам бўлади.) Сабабни аёлларимизнинг жамиятда паст ўрин эгаллашида, эркаклар билан тенглик йўқлигида кўраман. Аёлларимизнинг ғарбий аёллардан фарқи шундаки, улардан камдан камлари ўзлари болаларини боқиб мустақил яшашга қурблари етади. Иккинчидан, билганингиздек, болалари бор ажралган аёлга қайта турмуш қуриш жуда мушкул, деярли имкони йўқ. Қайта турмуш қуриш умидисиз, “Мени кейин ким олади? Болаларимни қандай боқаман?” деган туйғулар билан албатта ҳар қандай аёл ажрашишдан ўлимдан хам кўпроқ қўрқади. (Қишлоқ жойлардаги қийналиб кетган аёллар ўз жонларига қасд қилиш йўлини танлашлари - бунга мисол.) Шунинг учун ҳам, аёлларимиз эрларининг жаҳлдорлигига ҳам, арзимас нарсага уриш-калтаклашларига ҳам, қайнана томонидан қийнашларга хам чидаб юраверишади. Яна бир нарсага эътиборингизни қаратмоқчиман: аёллар ажрашиш ташаббуси билан чиқмаслиги сабабли хамда эр-хотин бир бири билан қариндошлар орқали “танишишлари” сабабли (яъни севги-муҳаббатсиз), улар бир-икки йилдан сўнг бир-бирини қадрлашмасдан қўяди. Айниқса эркак киши хотинини кўнглини олишга бошқа харакат қилмайди. Худди “нима қилсам хам хеч қаерга кетмайди” деган тарзда ўйлагандек… Бир дунё қариндошимиз орасида мен фақат битта ё иккита бахтли турмуш қурган эр-хотинни биламан. Бу бахтли оилаларни ажратиб турувчи хусусияти - улар бир бирларини хурмат қилишлари, эрнинг хотинини пастга урмаслиги, унинг фикрини ҳам инобатга олишидир. Бошқалар эса, эркаклар ҳам аёллар ҳам, “тақдирим шу екан” деб “болаларимни катта қилай” деб кунларини кечиришади. Аммо бу тўғрими? Бизга битта хаёт берилган экан нахотки умримиз бўйи бизни тушунишга уринмайдиган, қадримизга етмайдиган инсон билан ўтказишимиз тўғри? Мен ажралишларни оқлашни истамайман аммо салбий муҳитга тўла оилаларда болалар хам ўзларини баҳтсиз сезишини биламан. Эр-хотин ўртасида уруш бўлар экан, болалар бу урушнинг ноилож қурбони бўлиб қолишади, онасига рахми келиб ёки отасига нафратга тўлиб азоб чекишади. Отаси онасига қўл кўтарганини кўриб ўсган ўғил бола учун бу нормал холдек туюлади ва кейинчалик у ўзи ҳам буни ўз турмушида қайтариши эъхтимоли катта… Қиз бола эса ўз келажак турмуш ўртоғидан салбий муносабатни кутиб эркаклардан чўчиб ўсади. Ечими нимада деб сўрасанглар… Бир тарафдан аёлларимиз кўпроқ мустақилликга эга бўлишлари керак. Жамиятда уларнинг мавқеи, роли кучайиши, ошиши - эркаклар билан тенг бўлиши керак. Иккинчидан, ёшлар ўзлари топиб, кўнгил қўйган инсонлар билан хаётларини боғлашлари керак. Ота-оналари топганлар билан эмас. Мана шунда менимча эр хотинлар ҳам бахтлироқ бўлади, ажралишларга ўта салбий муносабат ҳам камаяди ҳам, аёлларимиз ҳам ўзларини кучлироқ сеза бошлашади. Бу - менинг фикрим. Сизлар эса нима деб ўйлайсизлар? Шоира
Эркакларни хотинларига қўл кўтаришини қандай тўхтатса бўлади? June 9, 2006
Posted by ayollar in Mayishiy Zo'ravonlik.3 comments
Erkinoyning ammasi haqidagi hikoyani o’qib bu bechora ayolga rosa achindim. Mamlakatimizda ayollar va bolalarni urish masalasi juda yomon. Ayolga qol k’otarishni erkak kishi normal deb hisoblaydi va qaysi dir bir ma’noda jamiyat ham bunga qarshilik qilish narida tursin, ma’qullaydi. Bu O’zbek yurtining eng katta yaralaridan biridir. Bu jamiyatimizning qanchalik past ketganini korsatadi chunki ojizni faqat pastkash kishi uradi deb bilaman. Mening ham bir qarindoshim yaqinda farsand kordi, homilador paytida eri u bechorani urardi! Afsus, bunday holat O’zbekistonda bir ikki emas balki juda kopdir. Qani, aytinglar, buni qanday o’zgartirib boladi?
Rahmat, Zuhra