Тегажонлик хақида… July 31, 2006
Posted by ayollar in Aralash Mavzular.4 comments
Куни кеча газетада бир мақолани ўқиб қолдим: Америкадаги бир катта корхона бошлиғи унинг остида ишлайдиган аёлга тегажонлик қилибдимиш. Бу хақда ўша аёл махкамага ариза берибди, энди бу бошлиқ устидан махкама жараёни кетаётган эмиш. Бундай хол АҚШда тез тез учраб туради. Баъзан эркак менеджерлар хақиқатдан ҳам лавозимидан суъистемол қилган бўлади яъни лавозими пастроқ бўлган аёлларга тегажонлик қилишади, баъзан аёл ёлғон гапирган ҳам бўлади (катта тавон ё тўловга эришиш учун), кўпинча бундай ишлар тавон тўлаш билан тугайди (яъни бошлиқ аёлга тўлайди). АҚШда аёллар эркаклар билан тенг хуқуқларга эга бўлишга эришганлар, шунинг учун улар қўрқмасдан бошлиқларига қарши маҳкама ишларини оча олишади. Яқинда укам уйланмоқчи бўлган қизи тўғрисида бир нарса айтганди. Бояги мақолани ўқиб яқинда укам уйланмоқчи бўлган қизи тўғрисида айтган гаплари эсимга тушди. У қиз ресторанда официантка бўлиб ишламоқчи бўлган, ишга кирган. Бир паст ўтмай ресторан эгаси унга тегажонлик қила бошлаган. Укам унга ишламасдан уйда ўтиргани маъқул деб бошқа ресторанга қўймапти. Менга “уйда ўтиргани маъқул, қаерда ишламасин унга тегажонлик қилишади, чунки у чиройли” деганди. Биздаги аёллар умуман бундай холларда нима қилишади? Кимга бориб арз қила олишади? ** Вашингтондан Раънохон
“Қайнонажон, қайнона…” July 28, 2006
Posted by ayollar in Mayishiy Zo'ravonlik, Oila va Turmush Tarzi.28 comments
Ўтган ҳафта газетадан бир мақола ўқиб қолдим. Британия маҳкамаси келинига зулм қилиб, оиласини бузилишига олиб келган қайнона устидан ҳукм ўқиган. Энди махкама ҳукмига биноан ушбу қайнона келинига 35 минг фунт стерлинг, яъни 65 минг америка доллари миқдорида тавон тўлаши керак. Лондонда истиқомад қилувчи келин Гина Бҳакар хонимнинг ўғли билан кечган тўрт ойлик турмуши давомида таҳқирланганини даъво қилган ва Таҳқирлаш ва ҳақоратларга қарши қонун билан фойдаланиб маҳкамага мурожаат қилган. Синхнинг айтишича, у эрталабги 6:30 дан уй ишларини қилишга мажбурланган, уйда худди маҳбусдек сақланган. Бажариши керак бўлган ишлар сирасига ҳожатхонани тозалаш ҳам кирган. Қизлик уйига бориб келиш учун ҳам вақт ўлчаб берилган, телефон қўнғироқлари назорат остида бўлган. Хуллас, турмушлари кўп ўтмай бузилган. Бу ходисани ўқиб ўзимнинг келинлигим эсимга тушиб кетди. Тўйимиздан уч кун ўтганидан сўнг, эрталаб 4:30 да туриб кўча супиришим керак эди. Ундан ташқари уй ишлари дегандек… Бошқа ишларнику бажариш муаммо бўлмаган, аммо эрталаб туриш….Хайриятки, бу жараён унча узоқ давом этмаган. Ўқишим баҳонасида “қайдасан Тошкент” деб йўлга тушганмиз. Шундан бери қайнонамларникига аҳён-аҳёнда меҳмонга борамиз. Бир сўз билан айтадиган бўлсам, қайнона билан бир том остида яшаш менга насиб этмаган. Шунинг учун борада унча тажрибам йўқ десам ҳам бўлади.Аммо, Сизчи? Қайнона билан яшаш Сиз учун қанчалар осон? Агар қайнонангиз Сизга ҳам зулм қилса, уни маҳкамага берган бўлармидингиз? __ Дийдор
Иккинчи хотин бўлишни хохламайман! July 27, 2006
Posted by ayollar in Oila va Turmush Tarzi.41 comments
Синфдош қизларимизнинг барчаси аллақачон оилали бўлиб кетишган. Мен эса аввалига институтда ўқийман дедим, кейин ўқиган қизни келин қилишни хохловчилар топилмади. Табиатан гўзаллар сафидан ўрин олмаганим боисми мени севиб қолувчилар ҳам учрамади. Бугун эса кимгадир иккинчи хотин бўлиш “хавфи”га дуч келаяпман. Тенгдош дугоналарим ҳам, танишларим ҳам кимгадир иккинчи хотин бўлиш ҳакида маслаҳат берадиган бўлиб қолишди. Чунки сўнгги пайтда Ўзбекистонда кўшхотинлик “мода” бўлаяпти. Ўзига тўқ бойваччалар орасида ҳатто уч хотин олиш холатлари ҳам кўплаб учрамокда. Одамлар эса бунга одатий холдай қарайдиган бўлишаяпти. Айримлар қўшхотинликнинг сабаби аёллар сонининг эркакларга нисбатан кўплигида, деб ҳисоблайди. Бошқалар эса қиз-жувонларни мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий холат шунга мажбур қилаётганлигини таъкидлайди. Биласизми мен иккинчи хотин бўлишни асло истамасдим. Биринчидан бундай вазиятда шаърий никоҳ қурилади. Дунёга келган фарзандлар эса ноқонуний ҳисобланади. Иккинчидан, майли бир умр “қари қиз” бўлиб ўтай, лекин кундош билан яшашни хоҳламайман. Бу баҳтингни ўзга билан “баҳам” кўришдай гап. Мен эрининг кўчадаги бегона аёлга қарагани учунгина рашқ қилган хотинларни кўп кўрганман. Кундошинг борлигини билиб яшаш эса даҳшат-ку. Билмадим, балки кундоши бўла туриб ҳам бахтли яшаётганлар бордир. Мен иккинчи хотин бўлган аёлларнинг тилла зирагу узукларга “кўмилиб” яшаётгани хакида эшитаман. Эрининг уларга алоҳида квартира, машиналар олиб берганлигини учратганман. Лекин булар баҳт бўлармикин? Сиз нима дейсиз? — Бухородан Зебунисо
Нега шундай? July 25, 2006
Posted by ayollar in Oila va Turmush Tarzi.3 comments
Ўзбекистон ёшлари кўп кирувчи битта форумда мана бу мавзуни кўриб қолдим. Битта ёш аёл шундай деб ёзибди: Nega turmush qurgandan keyin ko’p deganda 1 уil o’tishi bilan yangi kelin-kuyov farzandli bo’lishi kerak a?” Жуда қизиқ мавзу, тўғрими? Нега шундай? Бу саволга бундай жавоблар келди:
- “Bolmaptida bizda ozbekchilik..agar 1-2 yil yuray desang gap tashashadi “eshitdinmi anuning kelini yoki kuyovi kasal ekan” deb.”
- Erga tekkandan keyin 1 yilda tug’ish shartmas. Yurish kerak 4-5 yil, farzand keyin ham bolaveradi, nasib qilgan bulsa.
- Men 21 ga kirganimda oyim utqazib quyib rosa leksiya uqigan:”Qachon uylanasan bolam, dugonalarimning nevaralari maktabga borayapdi, men qachon nevaralik bulaman?” Oyim shunday deb tursa, men xotinimni gapiga kirib bir ikki yil kutaylik deb yurmaymanku to’g'rimi?
- Er-hotinni bog’lab turuvchi bola hisoblanadi. Hullas o’zbekchilikka hos bo’lgan narsa bu bola qanchalik erta ko’rilsa u tez ulgayib qo’l ostizga kirib sizga ko’makdosh bo’ladi.
- Qaynona nevarali bo’lishni, boshqalarga mana mening nevaram deyishni istaydi. Orzu-havas deganday…Lekin bu orzu havaslarning barchasi agar kelin yaxshi chiqsa…Mabodo kelindan kuyovning yoki qaynonaning ko’ngli to’lmasa bormi, nevara ham, orzu havas ham ko’zga ko’rinmay qoladi.
- Oilada farzand qachon tug’ilgani yaxshi deguncha, qizlarimizni vaqtida, ya’ni oila qurishga, farzand ko’rishga tayor bo’lishgach turmushga uzatgan yaxshi.
- Oilada ikki yosh sal bir birini tushunib, bir biriga ko’nikib bulgandagina farzand ko’rishsa maqsadga muofiq. Urf-odatlarimiz ichida sal to’gri kelmay qolganlariyam chiqib turadi, lekin sekin-sekin baribir zamonga hamnafas o’zgarib boradi albatta.
- Agar erkakda ayb bo’lsa ham hotin aybdor farzandsizlikka, chunki ko’p erkaklar Doktorga borishni hohlamaydida, nimagaki ular ERKAK!!!!! Hamma ayb va hato faqat ayolda bo’lishi SHART!!!!!!!!
- Manimcha farzandlik bo’lish bilan shoshilmaslik kerak. Hudo biladi, keyinchalik kelishmay qosalarizchi? Nima bo’ladi? Bechora bolani bahti sho’r bo’ladi ha demay ota onasi talashaversa..
- Ko’pchilik o’ylangan yigitlar ayolining ishlashiga qarshi bo’lishadi. Bunday holda farzand ko’rishlik, ayolning farzand tarbiyasi bilan mashg’ul bo’lishi yomon hol deb o’ylamayman.
Хмм.. Қизиқ. Тортишув мавзу экан. Сизлар эса нима деб ўйлайсизлар?
“Қорни тўқ хотинлар сахифаси”… July 24, 2006
Posted by ayollar in Aralash Mavzular.6 comments
Битта дугонамнинг Ўзбекистондаги қайнисингли Аёллар Бекати билан танишиб чиқиб, “Бу сахифа қорни тўқ аёллар учун экан” дебди. Бу гап мени ўйлантириб қўйди. Албатта бунда хақиқат бор: биттамиз Англияда, бошқамиз Францияда, учинчи ёзувчи аёлимиз Америкаларда яшаяпмиз, бизнинг турмуш тарзимиз, бошимизга тушган муаммолар Ўзбекистонлик аёлларникидан анча фарқ қилади. Бу ҳеч ким учун сир эмас. Аммо қоринларимиз тўқ бўлиши - хаётларимиз муаммосиз дегани эмас. Ота оналаримиз, ука-сингилларимиздан узоқда мусофирчиликда қийинчиликларимизни енгиб яшаб келаяпмиз. Бошқа томондан эса биз ичимизда ўзимизни Ўзбекистондaги аёлларга яқин тутамиз, уларнинг дардларию муаммолари хақида қайғурамиз. Қолаверса қорни оч (кўчма маънода айтганда) ва рухий ёрдамга кўпроқ мухтож бўлган сингилларимизга кўмак мақсадида ушбу сахифани очишга қарор қилган эдик. Афсус вақт ўтаяптию, ўзбекистонлик сингилларимиз ёзишмаяпти… Истасак истамасак ҳам, саҳифамиз “қоринлари тўқ аёллар сайти”га айланаяпти… Хуллас Ўзбекистонда бу сайтни ўқаётган дугоналаримизга илтимос - саҳифамизга ўз хаётингиз, муаммоларингиз хақида ёзиб туринглар! Аёллар Бекатининг яхши тарафи шундаки истаган одам хақиқий отини билдирмасдан ёзиши мумкин. Бу эса ҳар кимга ўз фикр мулоҳазаларини эркин изҳор этишга имконият беради. Кимки техник сабаблар орқали ёза олмаса, мана менинг манзилим: shoyiras@yahoo.co.uk __дугонангиз Шоира…
Болангизнинг тарбияси бузуқ! July 24, 2006
Posted by ayollar in Oila va Turmush Tarzi.6 comments
Куни кеча танишларимиз билан бир ресторанга бордик. Биз икки ярим яшар ўғлимизни олиб олганмиз, танишларимиздан бири тўққиз яшар қизини олиб келган. Яна бир танишимизнинг эса на оиласи бор, на боласи. Икки соат давомида ўғлим ўзининг доимий хулқида бўлди, яъни баъзан ўрнидан туриб, кулиб, қичкириб ва бир икки марта ўрнидан туриб ресторан бўйлаб югуриб ҳам келди. Йиқилиб, бироз йиғлади ҳам. Албатта биз уни одобли ўтиришга ундадик, яхши гапирдик, бир икки пўписа қилдик. Боласи йуқ (ёши 40дан ошган аёл) шеригимиз эса бир вакт бизга қараб: “одамлар ресторанга боланинг қичқириқларини эшитгани келишмайди, тинч дам олгани келишади” деди. Бундан кейин бунга ўхшаш гапни бир неча марта қайтарди. Биз бунга аҳамият бермадик, бўлмаса, мен у билан гап олишиб қолишим ҳеч гап эмасди, ва мен буни истамайман. Лекин гапи мени жуда жаҳлимни чиқарди. Биз билан ўша куни овқатланган танишларимиз ҳам унинг гапидан ранжидилар. Гап шундаки, агар боламнинг хулқи ўта ёмон булса, бизга ресторан эгаси бир нарса дейиши мумкин эди. У эса боламни бошидан силаб, эркалатиб кетди. (У итальян эди, ва итальянлар болаларни жуда яхши кўришади) Бундан кейин бир нарсага аҳд қилдим: у аёл билан бошқа ресторанга бормаймиз! Балки менинг ўғлим жуда шўхдир, балки биз уни жуда ҳам эркалаятгандирмиз, лекин биронта бола боқиб кўрмаган шаҳс бизга дарс ўргатиши нотўғри деб биламан. Сиз нима деб ўйлайсиз? -Malika
Тошкент - Самарқанд… July 21, 2006
Posted by ayollar in Aralash Mavzular.add a comment
Бу иссиқ кунларда Ўзбекистонни соғинган ватандошлар балки мана бу видео клип орқали ўз соғинчларини боса олишар… Менга бу клип ёз фаслининг оқшомларида ёшларга гавжум Тошкент кўчаларини эслатди. Ҳали ҳам гавжуммикан Тошкент кўчалари? __Шоира
Қозоғистонда ўзбекистонлик қуллар озод этилган… July 20, 2006
Posted by ayollar in Aralash Mavzular.1 comment so far
Охирги пайтда ўзбекистонликларнинг Қозоғистондаги турли ишлаб чиқариш соҳаларида, фермерлар далаларида қуллардек шароитда ишлашга мажбурланаётгани ҳақида хабарлар кўпайган эди. Мана бу охирги олинган хабар: Қозоғистоннинг Актобе шаҳрида қулликда ушлаб турилган ўн уч нафар Ўзбекистон фуқароси озод этилган. Актобе ички ишлар идораси тарқатган хабарга кўра, олти эркак, олти аёл ва бир балоғатга етмаган қиз маҳаллий ҳаммом эгалари томонидан куч билан ушлаб турилган ва оғир меҳнатга мажбур этилганлар. Хабарда Ўзбекистон фуқароларининг доимий равишда калтакланганлари ва зўрлангани айтилади. Олти нафар эркакнинг 18 ва 28 ёшлар орасида экани, аёлларнинг эса 15 билан 45 яшар бўлганликлари маълум қилинган. Маҳаллий ҳаммом эгаси аёл киши бўлиб, қул сифатида муомала қилинган ўзбекистонликлар шу аёлнинг уйида яшаганлар. Ҳаммом эгасининг қўл остидагиларни йигирма соатлаб ишлашга мажбурлагани, ҳатто аёллардан икки нафарининг зўрлангани ҳақида айтилмоқда. Айни пайтда ички ишлар ходимлар ҳаммом эгаси бўлган аёл устидан тергов ишлари бошланганини маълум қилганлар. Озод қилинган Ўзбекистон фуқароларига шифокорлар тиббий ёрдам кўрсатишаяпти. Қандай қилиб қулликга тушиб қолишган экан булар? Нима бўлаяпти ўзи, қозоқлар бизнинг ён қўшнимизларку, бир дин ўхшаш маъданиятга эгамизку?
Oврўпада жазирама кунлар… July 20, 2006
Posted by ayollar in Aralash Mavzular.add a comment
Шу кунлари Лондон, Париж ва Амстердамларда хаво харорати 35 даражагача кўтарилди. Лондон кўчаларида одамлар ўзларини устига бутилкалардан сув қуяётган суръатларни кўргандирсиз. Аёллар иссиқдан ундан ҳам баттар ечиниб олишди… Метрода кетаётсам, ёнимда битта озғин киши кўзлари юмилган холда пешанасидан терни артиб ётибди тўхтамасдан… Ҳушидан кетиб устимга йиқилиб тушадими деб қўрқиб кетдим. Хайрият келаси станцияда тушиб қолди. Энг қизғин савдони бу кунлари минерал сув сотувчилар қилишаяпти. Африканинг Танзания мамлакатига борганимда ҳар қадамда, ҳар ярим соат муздек минерал сув сотиб олиб 10 минут ичида ичиб тугатардик. Бу ой Ғарбий Оврўпа Африкадан фарқ қилмаётди. Бу жазирама кўнглимда Ўзбекистонга соғинчни уйғотди… Шоира
15 яшар қизми ёки аёлми? July 18, 2006
Posted by ayollar in Oila va Turmush Tarzi.1 comment so far
Ўтган хафта Гўзал ёш келинчак тўғрисида мақола ёзганди. Мақолада бир аёлнинг 15 ёшли қизи хомиладор бўлиб қолади, ва бу опа қизини эрга беришга мажбур бўлади. Охири оқибати, қиз бола туғишда жароҳатланади, ва бир умирга боласизликка чалинади. Албатта, бундай холлар ҳар бир оилада учрамайди, лекин аминманки, ҳар бир ота-она бундай фожеа уларнинг оиласида содир бўлишидан қўркади.
Ўн беш ёшли қиз ва йигитлар биологик жиҳатдан аллақачон жинсий алоқага тайёрлиги аниқ. Гап шундаки, улар руҳан бунга тайёр эмаслар. Бизнинг жамиятимизда, ота оналар болалари билан бу тўғрисида умуман гапирмайди, уят хисобланади. Лекин бу тўғрими? Агар сиз ой кўришни бошлаган қизингизга баданига нима бўлганини тушунтирмасангиз, у бу маьлумотни дугоналаридан изламайдими? Ёки овози ёғонлашиб, гормонлари ошиб кетган йигитга нима бўлаетганни ким тушунтириши керак? Албатта ўспиринларда бундай саволлар туғилади, улар жинсий уйғониш тўғрисида билгиси келади, бу - факат табиий. Уларга жинсий алоқа тўғрисида ўргатишимиз керакми? Ёки тўй кунигача кутишимиз маьқулми? __Малика